Фавқулодда вазиятларда фуқароларни муҳофаза қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда

2023-11-30 00:00:00

Сўнги йилларда мамлакатимизда давлат раҳбарининг ташаббуслари билан барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш мақсадида 2022 йилнинг 30 май куни “Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги                ПФ-144-сон Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармоннинг 2 иловаси – Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини 2025 йилгача такомиллаштириш консепциясини 2022-2023 йилларда амалга ошириш “Йўл харитаси”нинг 10.2 бандига асосан ташкилотларда тегишли соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда зилзила ва унинг оқибатларига оид кўргазмали ўқув-услубий воситалар ёрдамида амалий ўқув машғулотларини ташкил этиш вазифаси юкланган.

Топшириқ ижросини таъминлаш, шунингдек, ходимларнинг сейсмик хавфсизлик соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг 28 ноябр куни “Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси Фуқаро муҳофазаси институти билан ҳамкорликда “Зилзилада тўғри ҳаракатланиш тартиби” мавзусида амалий ўқув машғулоти ташкил этилди.

Фуқаро муҳофазаси институти катта ўқитувчиси Г.Абдуллаева ходимларни сейсмология соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари билан таништирар экан, уларнинг сейсмология соҳасидаги билимларини аниқлаш, шунингдек, қачон охирги маротаба оила даврасида фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилиш борасида суҳбатлашганлари тўғрисида сўради. Хонадонларда ўт ўчириш ва биринчи ёрдам кўрсатиш воситалари бор йўқлиги билан қизиқди. Жавоблардан англашилдики, кўпчилик зилзила ва шу каби табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар тўғрисида оила даврасида гапиришни маъқул кўришмайди. Бу эса “Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғриси”да Фармоннинг жуда долзарб аҳамиятга эга эканлигини намоён этмоқда.

Мутахассис зилзила вақтида бажариладиган ҳаракатларнинг энг муҳими – ваҳимага тушмаслик эканлигини таъкидлади. Сезилган биринчи силкиниш ва бино учун хавфли силкинишлар орасида 15-20 сония вақт борлигини ва хонани тезроқ тарк этишга ҳаракат қилиш лозимлигини билдирди. Кўп қаватли уйларда эса асосий деворнинг эшик ўрни ва асосий девор ташкил этган бурчак энг хавфсиз жой эканлиги айтилди.

Шу билан бирга амалий ўқув машғулотида зилзила вақтида бажарилиши лозим бўлган энг муҳим ҳаракатлар айтиб ўтилди. Масалан; газ тармоғи, сув қувурлари, электр симларини диққат билан текшириб чиқиш, авария ҳолатлари ҳақида керакли хизматларга хабар қилиш, кўчаларни банд қилмаслик, янги силкинишлар рўй бериши эҳтимолини ҳисобга олиш, шикастланган биноларга яқин бормаслик ва биринчи ёрдамга муҳтож бўлганларга ёрдам кўрсатиш кабилардир.

Машғулот сўнгида ходимларга Фуқаро муҳофазаси институти томонидан тайёрланган фото ва видео материаллар намойиш этилди. Ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишга муваффақ бўлдилар ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш юзасидан ўзларининг таклифларини билдириб ўтдилар.

“Ўзмелиомашлизинг” ДУК

          Матбуот хизмати