2020 йилдаги устувор вазифалар белгилаб олинди

2020-02-03 00:00:00

“Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонасида жорий йилнинг 31 январ куни 2019 йилда эришилган натижалар ва 2020 йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар тўғрисида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда “Ўзмелиомашлизинг” ДУК марказий аппаратининг раҳбар ва масъул ходимлари, корхонанинг ҳудудлардаги вакиллари ҳамда “Мелиомашлизингсервис” масъулияти чекланган жамияти раҳбарияти иштирок этди.
Йиғилишда корхонанинг 2019 йилда эришган натижалари ва 2020 йилда амалга оширилиши керак бўлган асосий вазифалар кенг муҳокама қилинди.
Корхона Ижро этувчи директори в.б. Б.Бегматов 2019 йилда эришилган натижалар ижобий эканлигини, бунга корхонанинг йил давомидаги харажатларининг ўсишига йўл қўйилмаганлиги сабабли эришилганини таъкидлади.
Жумладан, корхонанинг умумий портфел суммаси 2018 йилга нисбатан 117 фоизга, лизингга берилган техникалар суммаси 128 фоизга ошган бўлиб, корхонанинг бюджет олдидаги қарздорлиги 100 фоиз ёпилган.
Шундай бўлсада, вилоятларда эгилувчан қувурлардан бўлган қарздорликни сўндириш бўйича олиб борилаётган ишлар қониқарли эмаслиги айтиб ўтилди. Шунингдек, “Мелиомашлизингсервис” МЧЖда ҳам 2018 йилга нисбатан иш ҳажмининг кенгайганига қарамай тушум кам бўлганлиги, натижада жамиятнинг дебитор ва кредитор қарздорлиги ошиб кетганлиги таъкидланди.
Ҳисобот йилида Корхонада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018-2019 йилларда ирригация ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури тўғрисида” 2017 йил 27 ноябрдаги       ПҚ-3405-сонли Қарори ижросини таъминлашга катта эътибор қаратилди.
Юқоридаги қарорга асосан корхона томонидан 2019 йил давомида бюджет маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 61,2 млрд.сўмлик жами       79 дона ва корхона маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 8,6 млрд.сўмлик жами 17 дона, якуний умумий қиймати 69,8 млрд.сўмлик жами 96 дона мелиоратив ва бошқа техникалар харид қилиниши белгиланган бўлиб, ҳисобот даврида барча техникалар харид қилинишига эришилди ва бугунги кунда лизинг олувчиларга етказиб берилмоқда.
Шунингдек, тасдиқланган мониторинг режасига кўра йил давомида 2511 та лизинг объектлари мониторинг қилиниб, аниқланган камчиликлар тўғрисида Сув хўжалиги вазирлигига ва вилоят ҳокимликларига маълумотлар киритилди.
Корхонанинг Юридик бўлими томонидан 2019 йилда жами                 5,2 млрд.сўмлик 211 та талабнома ва суд ишлари қўзғатилган бўлиб, шулардан бугунги кунга қадар 4,2 млрд сўм пул маблағлари ундириб бўлинган.
Шунингдек, йил давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари орқали келиб тушган жами 17 та мурожаат ўз вақтида ўрганиб чиқилиб, ҳар бир мурожаатчига тегишли тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари йиғилишда вилоят вакилларининг ҳисоботлари тингланди. Уларга йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди ва ишни тўғри ташкил қилиш бўйича тавсиялар берилди.   
Корхона раҳбари 2020 йилда ирригация ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга давлат бюджетидан маблағ ажратилмаслиги корхона фаолиятига салбий таъсир кўрсатмаслиги лозимлигини таъкидлади. Бунинг учун эса корхонанинг Лойиҳаларни иқтисодий таҳлил қилиш ва объектларни лизингга бериш ҳамда Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бўлимлари корхонанинг вилоятлардаги вакиллари билан биргаликда лизинг объектларидан бўлган қарздорликларни сўндириш чораларини кўриши кераклиги, шунингдек, Ташқи иқтисодий алоқалар ва инвестициялар шўъбаси томонидан халқаро молия институтлари, хорижий инвесторлар ва тижорат банклари билан инвестициялар жалб қилиш ва қарз маблағларидан фойдаланиш борасида музокаралар олиб борилиши кераклиги айтиб ўтилди.